Президент Мурожати маъсулиятимизни янада кучайтиради

By | 20.05.2020

Барчамизга маълум, бугунги кунда бутун дунё мамлакатлари, бутун  инсоният оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Халқаро валюта  жамғармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти деярли тўхтаб қолмоқда, бугунги вазият 2008-2009 йиллардаги жаҳон инқрози давридан ҳам ёмонироқ эканлиги, шунингдек коронавирус оқибатларидан кўпроқ ривожланаётган давлатлар жабр кўраётганлиги қайд этилмоқда.  Халқаро валюта  жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиеванинг маълум қилишига кўра, “ХВЖ нинг 75 йиллик тарихида ҳали бирор марта бунчалик кўп давлатлар фавқулодда молиявий ёрдамга муҳтож бўлмаган – бизга дейди у  сўзида, 85 та давлат мурожаат этди, яна бир вақнинг ўзида”.

Барча талабларни қондириш учун ХВЖ ўзининг 1 трлн. долларлик бутун захирасидан фойдаланади ва фавқулотда молиялаштириш миқдорини 50 миллиард доллардан 100 миллиард долларгача оширади.

Албатта бутун дунёда юз бераётган шундай салбий вазият Ўзбекистонни ҳам четда қолдираётгани йўқ.  Бугунги кунда юртимизга четдан кириб келган коронавирус касаллигига чалинганлар сони ошиб бормоқда. Шу боис Президентимиз ушбу вирусли тарқалишининг олдини олиш юзасидан Ҳукуматга аниқ вазифалар юклади. Халқимизни бу офатдан асраш ва касалликни даволашга барча куч ва воситалар сафарбар қилинмоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Мана шундай оғир вазиятда 2020 йил 3 апрел куни Президентимиз раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари халқимизга яна бир бор мурожаат қилди. Президентимиз ушбу мурожаатида мамлакатимизда вужудга келаётган инқирознинг иқтисодиётга кескин салбий таъсирининг олдини олиш, аҳоли даромадлари камайиб кетмаслиги, корхоналарнинг барқарор ишлаши учун давлат барча чораларни кўраётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги шароитда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳар доимгидан жуда муҳим. Йиғилишда давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, ҳар бир туман ва шаҳар сектор раҳбарларига ўз ҳудудидаги корхоналарни оталиққа олиб, улар билан мунтазам равишда бирма-бир ишлаши бўйича топшириқлар берди. Туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимида штаб ташкил этилиб, ҳар бир тадбиркорнинг муаммоси ҳал этиб борилиши таъкидланди.

Мурожаатнинг яна бир аҳамиятли томони, Президентимиз жорий йил 3 апрель куни мана шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бўлган яна бир муҳим ҳужжатга имзо чекди. “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди.

Фармонда муҳим масалаларнинг ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эгадир. Чунки ушбу ҳужжатга мувофиқ:

Биринчидан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.

Иккинчидан, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.

Учинчидан, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади.

Тўртинчидан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилмоқда.

Бешинчидан, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилмоқда.

Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.

Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Асосийси, энди жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам бекор қилинади.

Олтинчидан, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилмоқда.

Еттинчидан, аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда.

Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.

Саккизинчидан, карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турлари янада қўллаб-қувватланади.

Хулоса қилиб айтганда, Президент мурожаати ва фармонда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш нафақат давлат идораси, балки ҳар биримизнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди. Шундай экан, азиз ватандошлар ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда, янада жипслашиб, ушбу вазифаларнинг ижросини ўз вақтида таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлишимиз зарур.

 

Адилбай Даўлетмуратов,

ҚҚДУ “Иқтисодий назария” кафедраси доценти.