Қорақалпоқ давлат университетида онлайн видеоконференция ўтказилди

By | 11.04.2020

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2020 йилнинг 10 апрель куни «Оролбуйи аҳолиси турмуш фаровонлигини оширишда инвестицион жозибадорликнинг аҳамияти»  мавзусидаги республика илмий – амалий видеоконференция ўтказилди.

Видеоконференция Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги №56-ф сонли фармойиши 2020 йилда республика миқиёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техник тадбирлар режасига киритилган.

Онлайн видеоконференцияни Қорақалпоқ давлат университети ректори, профессор А.Реймов очиб берди. Видеоконференцияга Самарқанд давлат университети, Урганч давлат университети, Нукус давлат педагогика институти ва Қорақалпоқ давлат университети «Иқтисодиёт» факультети профессор-ўқитувчилари қатнашдилар. Видеоконференция Zoom дастурида ўтказилди.

Республика миқиёсидаги илмий – амалий видоконференциянинг илмий йўналиши – Оролбуйи аҳолиси турмуш фаровонлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, мавжуд ишлаб чиқариш объектларининг барқарор ишлашига эришиш ва бугунгидек кутилмаган ҳолатлар пайтида ҳам муаммоларни юмшатиш, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг фаровонлигини, доимий иш билан бандлигини таъминлаш муаммоларини ечиш масалалари ҳисобланади. Видеоконференциянинг мақсади ва вазифалари – илм ҳеч қачон тўхтаб қолмаслиги зарур ва шу асосда республикамизда яшовчи аҳоли фаровонлигини яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида мавжуд ишлаб чиқариш структураларини оптималлаштириш муаммоларини ечиш масалаларини жадаллаштиришнинг иқтисодий жиҳатларига илмий хулоса ва амалий таклифлар беришдан иборат бўлиб ҳисобланади.

Видеоконференция давомида бир қанча илмий-назарий, методологик ва амалий аҳамиятга молик таклиф ва тавсиялар берилди. Булар ҳозирги кунда тизимлаштирилиб, тегишли тарзда расмийлаштирилмоқда. Таклифлар таркибидан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига, Вазирлар Маҳкамасига, бир қанча вазирлик ва идораларга, олий ўқув юртларига, корхоналарга мўлжалланган тавсиялар ўрин олган.

ҚҚДУ Матбуот хизмати.